Авваламбор, иш вақти деганда нимани тушунамиз?
Ўзбекситон Республикасининг Меҳнат кодекси 181-моддасига кўра, иш вақти ходим ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт иш вақти деб айтилади. Иш вақти қонун билан белгиланган вақт бўлиб, бу вақт мобайнида ходим ички меҳнат тартиб-қоидаларига мувофиқ, ўз меҳнат вазифаларига мос равишда хизмат бурчини бажариши лозим.
Иш вақтига қуйидагилар киради:
ходим меҳнат мажбуриятларини ҳақиқатда бажарган вақт;
Меҳнат Кодексида назарда тутилган вақт даврлари (ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт, технология ҳамда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган танаффуслар, болани овқатлантириш учун танаффуслар ва бошқалар), шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа вақт даврлари, шу жумладан асосий ва тайёргарлик-якуний ишларни бажариш вақти (кийим, материаллар, асбоб-ускуналар олиш, техника, ҳужжатлар билан танишиш, иш ўрнини тайёрлаш ва тозалаш, тайёр маҳсулотни топшириш ва бошқалар).
Иш вақтининг қандай турлари мавжуд?
Ўзбекситон Республикасининг Меҳнат кодекси 181-моддасига кўра, иш вақтининг турлари қуйидагилардан иборатдир:
- иш вақтининг нормал давомийлиги;
- иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги;
- тўлиқсиз иш вақти.
Шунингдек, ҳуқуқшунос Михаил Гасанов таъкидлаганидек, “Кўпгина ташкилотлар учун қулай бўлган мослашувчан иш вақти режими – бу алоҳида ходимлар ёки ходимлар гуруҳлари иш кунининг бошланиши, тугаши ва умумий давомийлигини мустақил равишда тартибга сола олишидир. Бунда улар учун ҳисобот даври (иш куни, ҳафта, ой ва бошқалар) белгиланади, бу муддат давомида улар белгиланган иш соатларининг умумий сонини тўлиқ ишлаб беришлари керак”.
Қолаверса, юридик фанлари доктори, профессор Д.Акопов ҳам меҳнат кодексидаги иш вақти ва дам олиш вақти масалалари бўйича ўзининг фикрларини билдирган. У иш вақти, дам олиш вақти ва меҳнат шароитлари масалаларида меҳнат ҳуқуқи меъёрларининг самарали қўлланилиши зарурлигини таъкидлаган. Павловнинг фикрига кўра, иш вақти ва дам олиш вақтининг тўғри балансланиши нафақат ходимлар соғлиғи, балки меҳнат самарадорлигини ошириш учун ҳам муҳим ҳисобланади.
Бундан ташқари, В.Шуколов иш вақти ва дам олиш вақтини белгилашда нафақат ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, балки иш берувчиларнинг манфаатларини ҳам инобатга олиш зарурлигини айтган. У шунингдек, сменали иш ва мослашувчан иш вақти каби замонавий ёндашувларни қўллаш кераклигини таъкидлаган.
Иш вақтининг нормал давомийлиги нима?
Меҳнат кодексининг 182-моддасида ходим учун иш вақтининг нормал давомийлиги беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасида ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигининг белгилаб қўйилиши, иш ҳафтасининг энг кўп давомийлиги қирқ соатдан ошмаслигини қонун билан белгиланганлиги ва бу норма Ўзбекистон Республикасида мулкчиликнинг шаклидан қатъи назар барча корхоналарда ишлаётган, шунингдек ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланаётган жисмоний шахсларга ҳам, муддатли ёки номуайян муддатга ишлаётганлигидан қатъи назар барча ходимларга татбиқ қилинишини англатади.
Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги, Меҳнат кодексининг 183-моддасида айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланиши келтирилган.
Эндиликда янги таҳрирдаги меҳнат кодекси билан қисқартирилган иш вақти белгиланганлар учун ҳам иш кунининг максимал давомийлиги аниқланди:
Ходимлар тоифаси |
Иш кунининг максимал давомийлиги |
Ишни таълим билан бирга қўшиб олиб бормайдиган вояга етмаганлар |
|
15 ёшдан 16 ёшгача |
· 6 кунлик иш ҳафтасида – 4 соат; · 5 кунлик иш ҳафтасида – 5 соат |
16 ёшдан 18 ёшгача |
· 6 кунлик иш ҳафтасида – 6 соат; · 5 кунлик иш ҳафтасида – 7 соат 30 дақиқа |
Бундан ташқари амалдаги Меҳнат кодексининг 187-моддасига асосан, ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади. Байрамдан олдинги куни ишнинг (сменанинг) давомийлигини қисқартириш имкони бўлмаган узлуксиз ишлайдиган ташкилотларда ва айрим турдаги ишларда ортиқча ишлаганлик ходимга қўшимча дам олиш вақти бериш ёки ходимнинг розилиги билан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган нормалар бўйича ҳақ тўлаш орқали компенсатсия қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, меҳнат кодексидаги иш вақти ва дам олиш вақти масалалари нафақат ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, балки иш берувчилар ва жаҳон меҳнат бозоридаги ўзгаришларга ҳамда бошқа динамик шарт-шароитларга мослашишни ҳам назарда тутмоғи лозим.
Мухиддинов Дилшоджон Шавкатжон ўғли
Юристлар малакасини ошириш маркази Фан, инновация ва таълим дастурларини
ишлаб чиқиш бўлими Бош мутахассиси