+998 55 518 57 77

“Йилнинг энг фаол ёш ходими” кўрик-танловининг республика босқичи якунланди

25.06.2026 104

 Адлия вазирлигида адлия органлари ва муассасаларида фаолият юритаётган ёш ходимлар ўртасида ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш ходими” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Танловда ҳудудий (саралаш) босқичларида муносиб натижа кўрсатган энг фаол ёш ходимлар ўзаро билим, касбий маҳорат, таҳлилий фикрлаш, ташаббускорлик ва лидерлик салоҳиятини намоён этдилар.

Танловнинг очилиш маросимида сўзга чиққан адлия вазири ўринбосари Миржалол Аллакулиев ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий ва шахсий ривожланиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб, бундай танловлар адлия тизимининг эртанги ривожи учун муносиб кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган танлов якунида ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра энг юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар ғолиб деб топилди ҳамда тантанали равишда тақдирланди.
Натижалар:
1-ўрин — Сулаймонов Шуҳрат Тўлқин ўғли (Жиззах вилояти)
2-ўрин — Шоядбеков Шаҳбозбек Шуҳратбек ўғли ("Адолат" МҲАМ)
3-ўрин — Юсупова Фарингиз Ўктам қизи (Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти)

Мазкур танлов ёш ходимларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни янги ғоя ва ташаббусларга руҳлантириш ҳамда адлия тизимида фаол, фидойи ва малакали кадрлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади.