+998 55 518 57 77

Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг мазмун-моҳияти

22.06.2026 52

Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати нима?

Давлат органлари ва ташкилотларида (кейинги ўринларда – давлат органлари) коррупциявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликнинг муҳим омилларидан бири ички коррупцияга қарши курашиш сиёсати ҳисобланади.

Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати – бу ташкилот ичида коррупциявий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган локал норматив ҳужжатлар, чора-тадбирлар ҳамда тартиб-таомиллар мажмуидир.

Коррупцияга қарши курашиш сиёсатини жорий этишнинг ҳуқуқий асослари

Бугунги кунда давлат органларида амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсати Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда ушбу соҳани тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуққий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган ва жорий этилган.

Шу билан бирга, давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати ISO 37001:2016 – “Пора беришга қарши бошқарув тизимлари” (Anti-bribery management systems) халқаро стандарти талабларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ва жорий этилган.

Коррупцияга қарши сиёсатининг моҳияти ва аҳамияти

Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатини “Ташкилотда коррупцияга қарши курашиш сиёсати” деб номланган ҳужжатан фарқлаш лозим. Коррупцияга қарши курашиш сиёсати давлат органининг коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатини ифода этади ҳамда ташкилотда коррупцияга қарши бошқарув тизимини жорий этиш, қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш бўйича талаблар ва раҳбарий тамойилларни белгилайди. “Ташкилотда коррупцияга қарши курашиш сиёсати” эса асосий ҳужжат сифатида эътироф этилади ва коррупцияга қарши бошқарув тизимининг таркибий элементларидан бири ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш сиёсатини жорий этиш давлат органларида коррупция хавфларининг тизимли равишда олдини олишга хизмат қилади, давлат органлари ва уларнинг ходимлари фаолиятида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг юзага келишини барвақт олдини олади, тендер ва харидлар тизимида шаффофлик ҳамда ҳисобдорликни кучайтиради, ташкилотнинг инвесторлар назаридаги ишончлилигини оширади, раҳбарлар ва ходимларда юксак ахлоқий маданият ҳамда ҳалоллик тамойилларини шакллантиради.

Давлат органларида коррупцияга қарши курашиш сиёсатини ривожлантириш истиқболлари

Коррупцияга қарши курашиш сиёсатини жорий этиш ва амалга ошириш самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларидан бири давлат органлари фаолиятининг ISO 37001 коррупцияга қарши халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги бўйича сертификатланиши ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг жорий этилиши ва унда назарда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида кўплаб давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналар фаолияти ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими» халқаро стандарти талабларига мувофиқ деб баҳоланди.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги ПФ–270-сон «Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан бошлаб 2030 йилгача босқичма-босқич давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этиш Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шундай қилиб, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ифода этувчи коррупцияга қарши курашиш сиёсати давлат органларида коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг асосий пойдеворидир.

 

 

Рафик ШАКУРОВ

Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини

ошириш институти доценти, юридик фанлар номзоди